Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси саъй-ҳаракати билан Хитойнинг ўндан ортиқ компанияси Ўзбекистон иқтисодиётига 5 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритиш истагини билдирди. Президент ташаббуси билан унинг 350 миллион доллари Булунғур туманига йўналтирилди. Бу ҳақда туман ҳокими Баҳодир Баҳромов «Зарафшон» газетасига гапириб берди.

Ушбу сармоядан самарали фойдаланиш мақсадида тумандаги 2 минг гектар лалми ва 3 минг гектар яйлов ерда хитойлик тадбиркорлар иштирокида чорвачилик комплекси яратиш, суяк ва терини қайта ишлаш, балиқчилик, паррандачилик, узумчилик, иссиқхона, интенсив боғ, мева-сабзавотни қайта ишлаш логистика маркази ташкил этиш каби 15 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Хитойлик тадбиркорлар бу лойиҳаларни ўрганиб чиқди.

Шунингдек, туманнинг 2019−2020 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати ишлаб чиқилди. Дастур доирасида 102 миллиард 595 миллион сўмлик, шундан 11 миллион 200 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилади. Дастур лойиҳасига кўра, 2019 йилда 25 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича 55 миллиард 585 миллион сўм, шу жумладан, 2 та лойиҳа бўйича 8 миллион 700 минг доллар тўғридан-тўғри сармоя киритилади. Ушбу инвестициянинг асосий қисми ҳам Хитой давлатига тегишли — 4 миллион 200 минг доллар. Йилига 1250 квадрат метр сифатли сендвич панел, пенопласт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги корхона хитойлик тадбиркорларнинг 1 миллион 200 минг долларлик сармояси ҳисобидан ишга туширилмоқда. Бунга қўшимча равишда хитойлик тадбиркорларнинг 3 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан 100 иш ўрнига эга бўлган ойига 1,5 миллион дона сифатли ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона ҳам ҳадемай фаолиятини бошлайди.