«Ўзбектелеком» АК 2019 йил 1 мартдан «Телекоммуникация универсал хизматлари тарифларининг чегара даражалари» прейскурантига мувофиқ белгиланадиган телекоммуникация универсал хизматлари тарифлари ўзгариши ҳақида маълум қилди.

Киритилган ўзгаришларга мувофиқ шаҳар ва қишлоқ телефон тармоғи абонентлари асосий телефон аппаратидан фойдаланганлиги учун абонент тўлови миқдори оширилди. Шу қаторда, телефон алоқаси хизмати учун абонент тўлови ва вақтбай тўлов тизими учун ҳисоб-китоб тизими соддалаштирилди ва кечки вақт ҳамда дам олиш (шанба, якшанба, байрам) кунлари маҳаллий ва шаҳарлараро телефон тармоқларига амалга ошириладиган қўнғироқлар учун пасайтирилган коэффициентлар бекор қилинди.

Бундан ташқари, хонадонлар телефони ва меҳмонхоналарда истиқомат қилувчи фуқаролар учун ўрнатилган телефонлардан кредитга тақдим этиладиган сўзлашувларда ҳар бир сўзлашув учун устама миқдоридаги тўлов ҳақи бекор қилинди.

Бошқа универсал хизматлар тарифлари олдинги ҳолида сақланган.

Таъкидлаш лозимки, телефон тармоғига улаш учун рўйхатга олиш тўлови ва телефондан фойдаланишдаги тўловларга ўрнатилган имтиёзлар ўз кучини сақлаб қолади.

«Ўзбектелеком» АК ижтимоий масъул компания сифатида, айниқса, аҳолига энг арзон тарифлар бўйича шаҳар ва қишлоқ телефон тармоғи учун илгаридагидек хизматлар кўрсатади.

«Ўзбектелеком» АК замонавий ва арзон телекоммуникация хизматларини кўрсатишга интилади. Компаниянинг тариф сиёсати доим абонентлар манфаатини кўзлаши ва Ўзбекистонимизнинг барча минтақалари аҳолиси учун арзон хизматлари билан ажралиб туради. Бутун мамлакат ягона тариф бўйича дақиқаси 12 сўм.