Тошкент халқаро аэропортида сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун замонавий ахборот масканларини (tourist service centre) ташкил этиш ишлари бошланди, дея хабар қилди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Марказ 2-қўниш залида жойлашган. У ерда чет эл фуқаролари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қўлланма, замонавий дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва ресторанлар ҳақида керакли маълумотларни берувчи реклама брошюралари шунингдек, республикада бўлиш тартиблари ҳақида консултация олиш имконига эга бўлишади.

Шу каби марказларни маданий ёдгорлик объектлари, темир йўл вокзаллари, аэропортлар ва меҳмонхоналар ҳудудларига ҳам жойлаштириш режалаштирилмоқда. Уларда оммавий маданий тадбирлар, қисқа турлар, темир йўл чипталари ва авиачипталар ҳам сотилади.

Келгусида сайёрларга умумий овқатланиш шаҳобчалари, турар-жой масканлари ҳақида маълумотлар, такси чақириш, музейга чипта олиш, совғалар харид қилиш имконини берувчи сим-карталар тақдим этадиган стационар ва мобил инфокиосклар ўрнатиш кўзда тутилган. Лойиҳа давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги схемаси доирасида амалга оширилади.