Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули Паст Дарғом туманида ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда туман аҳолиси билан бирга вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидан ҳам фуқаролар қатнашиб, ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилди.

Сайёр қабулда вилоятдаги бошқарма ва идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳам қатнашди ва ўзларига тегишли масалалар юзасидан мурожаатчилар билан гаплашиб, билдирилган муаммога ечим излади.

Кун давомида фуқаролардан 250 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида жавоб берилди. Ўрганиш талаб этадиган масалалар юзасидан муддат белгиланди.

Қабул чоғида туман ҳокимлиги ҳовлисида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди ва 46 кишига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 18 нафар фуқаро касбга қайта тайёрлаш курсларига йўналтирилди.

Эркинжон Турдимов Самарқандга раҳбар бўлиб келганидан буён вилоятнинг Пахтачи, Булунғур туманлари ва Самарқанд шаҳрида кенг миқёсли сайёр қабуллар ўтказган. Ушбу қабулларда тушган мурожаатларнинг 87−90 фоизи ижобий ҳал этилган.