Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 13−16 февраль кунлари амалий ташриф билан Германияда бўлади ва Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида иштирок этади.

ТИВ матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири даражасида мазкур конференцияда илк бор қатнашмоқда.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Мюнхен шаҳрида бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси 2019 йилнинг 15−17 февраль кунлари бўлиб ўтади. Ташкилотчилар маълумотларига кўра, форумда рекорд даражадаги иштирокчилар қатнашиши, жумладан 35 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари, 80 нафар мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда.

Европанинг ўз тақдирини мустақил белгилаши, трансатлантик ҳамкорлик ҳамда буюк державалар рақабатининг янги давридаги эҳтимолий оқибатлар конференциянинг асосий мавзуларидан. Иштирокчилар қуролланиш устидан назорат ҳамда мудофаа соҳасида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилади.