Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан қинғир қилмишларини хаспўшлаш ва жавобгарликдан қочиш мақсадида давлат божхона хизмати органлари ходимларига пора беришга уриниш ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, фуқаро Ж.Ф. Ўзбекистонга хорижий автотранспорт воситаси ҳисобланган «Ласетти» автомашинасини олиб кирар экан, бу жараёнда мамлакат ҳудудидан қайта олиб чиқиб кетиш мажбуриятини зиммасига олади. Лекин, бу мажбуриятни бир зумда унутиб, ушбу автомашинани эҳтиёт қисмларга бўлаклаган ҳолда 1700 АҚШ долларига сотиб юборади.

Ниҳоят автомашинанинг олиб чиқиш муддатлари яқинлашган паллада эса сувдан қуруқ чиқиш мақсадида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринади. Яъни, бундан бир неча йиллар муқаддам ёниб кетган бошқа бир «Ласетти» кузовини кўрсатган ҳолда давлат божхона хизмати органлари ходимларини ушбу автомашинанинг гўёки ёнғин оқибатида бутунлай ёниб кетганига ишонтиришга уринади.

Табиийки, синчковлик билан ўтказилган текширишда унинг содир этган ҳуқуқбузарлиги фош бўлгач, ушбу шахс вазиятдан чиқишнинг бошқа йўлларини излашга тушади. Яъни, ушбу ҳолатни «босди-босди» қилиш учун божхона ходимига 400 АҚШ доллари пора таклиф қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс божхона ходимига таклиф қилинган поранинг 300 АҚШ долларини бераётган вақтида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликдавоқеа жойида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.