Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғонида 2002 йилдан буён фойдаланилмаётган узун ва қисқа радиотўлқинларни қабул қилишга мўлжалланган иккита 235 метрлик антенна демонтаж қилинди, дея хабар қилди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Антенналар Ўзбекистон 2002 йилда узун ва қисқа тўлқинли диапазонда радиоэшиттиришларни тўхтатганидан сўнг фойдаланилмай келаётган эди.

Антенналар ўрнатилган ҳудуд Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилди, бу ерда ҳарбий шаҳарча бунёд этилади.

Хабарда қайд этилишича, ўтган асрда радиоэшиттириш тизимлари асосан узун ва ўрта тўлқинларда, қисман қисқа тўлқинларда ташкил этилар эди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғони ёнидаги катта қувватли радиостанция ўз вақтида узун тўлқинларда радиоэшиттириш сигналларини тарқатишга мослаштирилган эди. Ушбу радиостанция ҳудудида ўтган асрнинг 80-йиллари бошида баландлиги 235 метрлик иккита мачталар орасига узун тўлқинларни тарқатувчи радиоантенна тизими қурилган.

Радиоэшиттиришларнинг узун тўлқинлар диапазонларида кенг ривожланишининг асосий сабаблари ўша даврдаги радиолампалар ва транзисторлар ёрдамида айнан ушбу диапазонларда ишловчи арзон радиоқабулқилгичларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш имконияти бўлган. Шунингдек, мазкур диапазонларда ишловчи юқори қувватли радиоэшиттириш узаткичлари тарқатаётган радиотўлқинлар ер шари эгрилиги бўйлаб, нисбатан анча узоқ масофаларга тарқала олган.

Лекин, узун тўлқинларда 10 — 20 радиостанцияларгина ишлаши мумкин эди. Аналог сигнал сифати нисбатан паст ва турли халақитлар таъсири юқори бўлганлиги боис, дунё миқёсида узун тўлқинларда радиоэшиттириш қисқариб бормоқда. Жумладан, Украина, Арманистон, Беларус, Грузия, Озарбайжон, Молдавия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда узун тўлқинларда радиоэшиттириш тўхтатилган.