11 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида суперлига ва про-лига ҳакамлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш давомида ҳакамларнинг холисликни таъминлашлари лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда сўзга чиққан Умид Аҳмаджонов ҳам ҳакамлар савиясини ошириш кераклиги, уларни халқаро майдонларда ҳам ўзларини кўрсатишлари лозимлиги ҳақида гапирди.

Ҳакамларга энди мезбон клуб эмас, ПФЛ пул тўлайди

«Сир эмаски, ҳакамларимиз савиясини ошириш учун Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Сизлар учун хорижий ўқув-машғулотлар ташкил қилдик, турли семинарлар ўтказмоқдамиз. Энди ўйинларда яхши баҳо олган ҳакамлар ЎФА томонидан рағбатлантириб борилади. Шунингдек, ҳакамларнинг сафар ҳаражатлари ҳам аввалгидек мезбон клуб томондан эмас, ПФЛ томонидан тўлаб берилади. Қўпол хатоларга йўл қўйган ҳакамлар эса қайтиб суперлига ўйинларига қўйилмайди. Улар про-лига мусобақасида ҳакамлик қилишади. Юқори лига учрашувларини бошқаришга муносиб эканликларини қайта исботлашлари керак бўлади», — деди Умид Аҳмаджонов.

Ҳакамларни махсус инспекция назорат қилади

«Мақсад — ҳакамларимиз ўйинларни холис ва адолатли бошқаришсин, турли қинғирликлардан узоқроқ юришсин. Ҳакамларнинг ҳаракатлари мунтазам равишда махсус инспекция томонидан назорат қилиб борилишини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Қинғир ишларларга аралашадиган ҳакамлар қаттиқ жазоланади», — деб алоҳида қайд этди ЎФА биринчи вице-президенти.