Фарғона вилоятида меҳмонхоналар қурилиши юзасидан умумий қиймати 28,5 млн АҚШ долларлик 27 та инвестиция лойиҳалари яратилди. Лойиҳаларнинг 17,7 млн тадбиркорлар, 2,6 млн чет эл инвестицияси, 10,8 миллиони эса кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетаси сайтида хабар берилди.

2019−2020 йиллар якунига қадар 27 та меҳмонхоналарда 1218 номерлар ва 2714 та ўринлар яратилади.

— Қўқон шаҳрида шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига муносиб туҳфа сифатида 10 та замонавий талабларга жавоб берадиган меҳмонхона барпо этилиши режалаштирилган, — дейди вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодиржон Хўжаматов. — Шаҳарнинг Туркистон, Сарбоз, Турон, Боғистон Янги ҳаёт, Бўрчилик кўчаларида 80 ўриндан 200 ўрингача бўлган меҳмонхоналар қурилиши бошлаб юборилди. Шунингдек, Марғилон шаҳрида 4 та, Риштон, Сўх туманлари марказида биттадан замонавий кўринишдаги меҳмонхоналар бунёд этилади.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича 15 та меҳмонхона қуриб битказилиши режалаштирилган.