Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев саломатлиги туфайли ўз лавозимини тарк этди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган) лавозимидан озод этилди.

Ихтиёр Абдуллаев 2018 йил 31 январь куни ДХХга раҳбар бўлган эди. 2015 йилдан у Ўзбекистон бош прокурори, 2009 йилдан — президентнинг давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатган.

Унинг ўрнини собиқ Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Абдусалом Азизов эгаллади. Абдусалом Азизов (1960 й. т.) 2017 йил сентябридан Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган эди.

Абдусалом Азизов.

Тошкент ҳарбий округи қўмондони Баҳодир Қурбонов мудофаа вазири этиб тайинланди.Баҳодир Қурбонов.

Генерал-майор Баҳодир Қурбонов мудофаа вазири этиб тайинлангунга қадар 2018 йил февралидан мудофаа вазири ўринбосари, Тошкент шаҳри, пойтахт ва Сирдарё вилоятлари ҳудудини ўз ичига олган Тошкент ҳарбий округи қўшинларига қўмондонлик қилган. 2015 йил декабридан у ИИББ раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.