Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси ўтказган 292 та хронометраж тадбирида 150 нафар кишининг норасмий равишда ишлаётгани аниқланди, дея хабар қилди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Хусусан, Олтинкўл тумани «Қўштепа сарой» маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган «Мубина гранд текстиль» МЧЖ ҳисоботларида 33 нафар ходим ишлаётгани кўрсатилган, бироқ тадбир чоғида корхона 62 ишчисига конверт усулида маош бериб келаётган аниқланди. Шунингдек, «Олтинкўл универсал савдо» маркази ҳужжатларида 22 ходим кўрсатилиб, 34 киши меҳнат қилаётгани, «Олтинкўл нон ишлаб чиқариш» МЧЖда 12 киши меҳнат қилиб, ҳисоботларида фақат 1 ходимни келтирилган.

«Анжом» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонасида эса 5 кишига расмий, 18 ишчига норасмий маош берилган. Ушбу муассасада бир ҳафта муқаддам савдо тушуми 100 минг сўм бўлган, тадбир куни қарийб 50 баробарга ошиб, 4,946 млн сўмни ташкил этди. Мазкур умумий овқатланиш корхонасининг тўлов терминали текширувдан ўтказилганда, у ЯТТ Абдулҳамид Мўминовга тегишли экани аён бўлди.

Шунингдек, хронометраж тадбирларида савдо тушуми ўтган ҳафтанинг мос кунларига нисбатан «Дарвоза савдо» МЧЖ Қўрғонтепа шохобчасида 5,860 млн сўмга, Асака шохобчасида 24,484 млн сўмга, Избоскан шохобчасида эса 3,695 млн сўмга ошди.

Умуман олганда, уч кунлик тадбир мобайнида 8 та тадбиркорлик субъектининг савдо тушумлари 122,9 фоизга ошиб, 119 млн 868 минг сўмни ташкил этди.