Жорий йил 21 январь куни «Касби пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг тарозихонасидаги кузатув камераси соат 11:56 дан 12:58 гача бўлган вақт оралиғида ишламаган. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси сайтида хабар берилди.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ходимлари томонидан корхонада текширув ўтказилди.

Мазкур корхонанинг мансабдор шахслари олдиндан ўзаро тил бириктириб, кузатув камерасини бир соатдан кўпроқ вақт давомида ўчириб қўйишган. Бу вақт ичида эса умумий нархи 213 миллион 229 минг 279 сўм бўлган техник чигит сохта ҳужжатлар ёрдамида ноқонуний равишда корхонадан чиқариб юборилган. Ушбу маҳсулот кейинчалик гуруҳ аъзолари томонидан талон-тарож этилган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан «Касби пахта тозалаш» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, иш дастлабки тергов ҳаракатларини олиб боришучун вилоят прокуратурасига юборилган.