Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларни декларацияловчи шахслар томонидан божхона расмийлаштирувига лозим даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этиш ҳолатини фош этишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пойтахтда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан келтирилган, салкам 127 тонна оғирликдаги «Сунъий ва вискоз толали матолар"га доир божхона юк декларациялари ва унга тегишли ҳужжатларни божхона органларига электрон тарзда тақдим қилиш жараёнида декларацияловчи шахс Г. К. «уддабуронлик"ка қўл урди.

Божхона расмийлаштирувига тақдим этилган товар ишлаб чиқарилган мамлакатнинг «Товарнинг келиб чиқиш сертификати"да кўрсатилган товар ҳақидаги маълумотлар кириб келган товарларга мос эмаслиги маълум бўлди.

Аслида «Товарнинг келиб чиқиш сертификати"да кўрсатилган товарнинг номига мос келмаганлиги туфайли божхона божи ставкалари икки баробар миқдорда тўланиши лозим эди. Лекин, лозим даражада расмийлаштирилмаган «Товарнинг келиб чиқиш сертификати» билан у давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган 318,5 млн. сўм божхона тўловларини «тежаб» қолмоқчи бўлган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.