Венгриянинг «Mediorad plus Kft» компанияси Андижонга 12 миллион евро миқдорида инвестиция киритган ҳолда кардиожарроҳлик йўналишида иш олиб борувчи клиника қурадиган бўлди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кеча компания вакилларини вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабул қилди. Асли россиялик ишбилармонларга тегишли мазкур инжиниринг компанияси Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида жойлашган. Турли бино ва иншоотларни жаҳон стандартлари даражасида қуриш, жиҳозлаш билан шуғулланади.

— Беш кун давомида Андижондаги бир қанча объектларни кўздан кечирдик, — дейди компания вакили Владимир Юрьевич Серов. — Вилоят реабилитация шифохонасида тўхталдик. Мазкур муассасани реконструкция қилиш, қўшимча бино қуриш ва жиҳозлаш учун 12 миллион евро миқдорида инвестиция киритишни режалаштирдик. Биз 52 та етакчи компаниянинг авторизациясига эгамиз. Демоқчиманки, энг илғор технологиялар асосида жиҳозлаш ниятидамиз.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов сўзларига кўра собиқ шифохона ўрнида кардиожарроҳлик ва хавфли ўсма касалликлари йўналишидаги замонавий клиника барпо этилади.