8 февраль куни хоккей бўйича Ўзбекистон I чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Ice City» муз саройида ташкил этилган очилиш маросимида Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Аҳмаджонов тадбирда сўзга чиқар экан, ушбу тарихий кун билан барчани муборакбод этиб ўтди ва мусобақани расман очиб берди.

Шундан сўнг тадбир меҳмонлари учун кўргазмали чиқишлар тақдим этилди. Сўнгра Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари музга чиқиб келишди.

Тантанали очилиш маросимида Россиядан ташриф буюрган фахрий меҳмон, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, афсонавий Сергей Макаров ҳам ўзининг энг самимий тилакларини билдириб ўтди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Очилиш маросимидан сўнг учрашувларга старт берилди. Илк тарихий ўйинда «Тошкент» ҳамда «Бинокор» жамоалари музга чиқишди. Қизғин кечган баҳсда «Тошкент» хоккейчилари 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи ўйинда эса «Ҳумо» жамоаси «Семурғ"га 4:5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Иккинчи тур учрашувлари 10 февраль куни бўлиб ўтади. Унда «Бинокор» «Семурғ"га қарши музга чиқса, «Тошкент» «Ҳумо"ни синовдан ўтказади.