Ҳазорасплик Ғуломжон Жумабоев 2016 йилнинг июль ойида 2018 йилнинг октябрь ойигача хорижий давлатда бўлди. У ўзга юртга аслида пул ишлаш ниятида борганди. Бироқ иймон-эътиқоди сустлиги панд берди. Оила (у 33 ёшда, оилали, 1 нафар фарзанднинг отаси) ташвиши, ҳалол меҳнат қилиш, рўзғор тебратиш илинжи бир четда қолиб, ўзини ёт диний ақидалар оғушига ташлади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг раиси Бобир Умаров маълум қилди.

Чўнтагидаги уяли телефони ёрдамида жаҳон интернет тармоғининг анъанавий ислом негизларига путур етказувчи бузғунчи ақидалар, тинчликсеварликка хилоф қарашларни ўзида акс эттирган турли зарарли саҳифаларини излаш, топиш ва йиғилган сафсаталарни тарқатишга киришди. Шу аснода «салафийлик» имомларнинг даъват ва маърузалари унинг тор ва заиф онгидан, пировардида эса, қўлидаги жажжи, аммо интернет воситасида бутун жаҳонга жар солиш имконини берувчи уяли телефони хотирасидан жой олди.

Мусулмон оламида ихтилофларни тарғиб этувчи ёт, бузғунчи чақириқлар, даъват, маъруза ва шарҳлар ана шу тариқа Ё. Машарипов, А. Машарипов, К. Машарипов сингари яқинлари эътиборига ҳавола этилди. Диний бузғунчилик ва парокандаликка қаратилган ножўя фаолият ана шу йўсинда бошланди ва тезда кўнгли диний ақидаларга мойил турмуш ўртоғи (Ғ. Жумабоев у билан 2016 йил турмуш қурган) Б. Искандаровани ҳам ўзига ром этди. У турмуш ўртоғининг номўътадил йўналишдаги диний қарашларига хайрихоҳ бўлса-да, фуқаролар онгини заҳарлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот фаолиятига аралашишдан ўзини тийди. Бироқ унга тоға бўлмиш А. ва Ё. Машариповлар Ғ. Жумабоев ёйган тўрга осонгина илинишди. Ғ. Жумабоев қўлидаги уяли телефони ва жонли мулоқотлар орқали улар онгини юқорида зикр этилган «салафийлик» оқими ҳамда унинг ғоявий раҳнамолари ваъз ва даъватлари билан «бойита» борди. Турмуш ўртоғининг тоғалари ҳам анойилардан эмас: диний илм бобида ўзларини хон, ўзгаларни эса, кўланка санашади.

Бу ҳолат Жумабоевлар оиласида дунёга келган жажжи қиз фарзанд М. Жумабоева чет элда оғир хасталикка чалинган пайтда яққол намоён бўлди. Улар қизчанинг отасига шифо учун дуо ўқиб, марҳум зотларни шафе келтириб, мадад сўрашни таклиф этишди. Яхшиямки, таклиф сукут билан рад этилди. Шу пайтга қадар яхши-ю ёмон, эгри-ю тўғрини фарқлаш салоҳиятидан мосуво қолиб келаётган Ғ. Жумабоев, бу гал ҳушёрликни қўлдан бермади. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганидек, ўзгалар қалбини ёт ва зарарли диний ақидалар билан заҳарлашга қаратилган фаолиятини изчил давом эттирди. Бу жараёнда интернет тармоғининг диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб этувчи, одамлар орасига нифоқ, турмушига эса, оғу, таҳдид солувчи, ихтилофга етакловчи бузғунчи сайт ва саҳифаларидан йиғиб олинган турли ғайриинсоний қарашларга оид аудиоёзувлар, видеороликлар, даъват ва маърузаларни тарқатишда давом этди. Диний бузғунчилик, босқинчилик, қотилликларни ёқловчи бундай ақидалар Ғ. Жумабоев ва унга маслакдош шахслар ўртасидаги юзма-юз ҳамда телефон орқали уюштирилган мулоқотларда асосий мавзуга айланди. Хайриятки, Ғ. Жумабоевнинг даъвати таъсирига тушганларнинг бири масаланинг асл моҳияти ва оғир оқибатини англаб етди ва ўз маслакдошининг қилмишларини фош этишга киришди.

Ғ. Жумабоевнинг кишилар орасида саросима уйғотиш, зўравонлик ва қотилликни тарғиб этиш, уни қўллаб-қувватлаш, шу аснода тафаккурини эгаллашга қаратилган қилмиши кўпчиликнинг кўз ўнгида муҳокамага қўйилди. Суд мажлислари сайёр ҳолда бевосита кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилди. Судда Жиноят кодексининг жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатишга оид 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди айбланувчига нисбатан тергов органи томонидан тўғри тадбиқ этилганлиги эътироф қилинди. Айни пайтда бу қилмиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатларга аниқлик киритилди. Бунда суд судланувчи жиноий фаолиятга диний билими саёзлиги оқибатида қўл урганини, ёт ва ғализ қарашлардан ўзини асрай олмаганини, шу боис ўзгалар измига тушиб қолганини, аслида хорижга пул топиш илинжида бориб, маҳаллий бозорда юк ташувчи ва оддий қурувчи бўлиб ишлаганини эътиборга олди.

Суд айбланувчига нисбатан мурувват кўрсатди, судда муҳокама жараёнида гувоҳ сифатида қатнашган ва Ғ. Жумабоевнинг хулқ-атворини назорат қилиш ҳамда жиноий кўчаларга қайта бош суқмаслиги учун кафолат берган Ҳазорасп туман, Саноат қишлоғи, «Оталиқ» маҳалласи (судланувчи ушбу манзилда истиқомат қилади) фуқаролар йиғини раиси Б. Отабоевнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш ва шуларга асосан мазкур кодекснинг енгилроқ жазо тайинлашга доир 57-моддасини қўллашни лозим топди.

Судланувчининг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, жамоатчилик томонидан ижобий тавсифлангани, дунёқараши ва ижтимоий турмушга бўлган муносабати ижобий томон ўзгараётганини ҳам назарда тутди ва уни жамиятдан, оиласидан ажратмаган ҳолда тарбиялаш мумкин, деган хулосага келди. Шунга мувофиқ тайинланган жазо ҳам бирмунча енгил бўлди. Ғ. Жумабоев энди тўрт йил мобайнида озодликни чеклаш жазосини ўтайдиган бўлди.

Шу ўринда қонун барибир мурувват тарафида экани ва эндиликда сайёр ҳолда, бевосита жамоатчилик иштирокида ўтказилаётган суд мажлислари ушбу таомилни кенг ва мунтазам қўллаш омилига айланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жиноят ишлари бўйича вилоят, шаҳар ва туман судлари 2018 йил мобайнида жами суд ишларининг 43,7 фоиздан зиёдини сайёр тартибда кўриб чиқди. Бу жараёнда Ёшлар иттифоқи, «Маҳалла» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитасининг маҳаллий органлари кафолати асосида жами 134 та жиноят иши бўйича 176 нафар фуқаро суд залидан озодликка чиқарилди.