8 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Конференция кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерацияга бош котиб сайлашдан иборат эди. Шуни инобатга олган ҳолда йиғилиш иштирокчиларга бугунги кунда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сардори сифатида фаолият олиб бораётган Ирода Тўлаганова номзоди илгари сурилди. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашди. Шу тариқа, Ирода Тўлаганова Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби лавозимига сайланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

«Авваламбор билдирилган ишонч учун миннатчилик билдирмоқчиман. Федерациямиз раиси, бош котибига ҳам раҳмат. Айнан уларнинг қўл остида мен Ирода Тўлаганова сифатида танилганман. Бунгача улар томонидан катта ҳажмдаги иш олиб борилган. Менга ишонганингиз учун раҳмат. Федерациямиз ривожланиши учун қўлдан келган барча ишни қиламан», — деди Ирода Тўлаганова.

Маълумот учун, Ирода Тўлаганова 1982 йилнинг 7 январида таваллуд топган. Теннисчилик фаолияти давомида яккалик баҳсларида 3 та WTA, 3 та ITF турнирларида ғалаба қозонган. Жаҳон рейтингида 16-ўрингача кўтарилган. «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони, «Шуҳрат» медали соҳиби.