Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабалари учун замонавий қулайликларга ва ўқув-лабаратория жиҳозларига эга бўлган минг ўринли янги ўқув биноси ва 240 ўринга мўлжалланган замонавий ётоқхонаси қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали орқали хабар берилди.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов, профессор-ўқитувчилар, талабалар, ота-оналар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

36 миллиард сўм эвазига барпо этилган ушбу олий таълим муассасаси термизлик талабалар учун ҳақиқий совға бўлди.

Маълумот учун, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарори асосида ташкил этилган.

Филиалда ҳозирда 2 та факультетда 13 та таълим йўналиши бўйича 722 нафар талаба таҳсил олмоқда.