Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси томонидан Маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолиятини модернизация қилиш ва кенгайтириш борасида фаол иш олиб борилмоқда. Бу эса солиқ органларининг мавжуд ахборот тизимларини такомиллаштириш асосида солиқ маъмуриятчилиги жараёнларини қайта ташкил этиш имконини беради. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими давлат солиқ катта инспектори Акмал Назаров «Газета.uz"га маълумот берди.

Мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон банки ва Россия Федерацияси федерал солиқ хизмати билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Россия, Ҳиндистон, Корея, Франция, Озарбайжон ҳамда Грузия экспертлари билан эса Маълумотларни қайта ишлаш марказларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар стратегияси белгилаб олинди.

Шу билан бирга, давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор ҳисобланган «Uzinfocom» билан ҳамкорликда Маълумотларни қайта ишлаш марказининг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур марказни кенгайтириш ва солиқ маъмуриятчилигининг технологик жараёнларини модернизациялаш ахборотни қайта ишлаш муддатларини қисқартиришга, қўлда бажариладиган ишларни автоматлаштиришга ва солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада оширишга замин ҳозирлайди.

Солиқ тизимида маълумотлар бошқарилишини такомиллаштиришнинг асосий мақсади жараёнларни рақамлаштириш орқали тизимни тўлиқ автоматлаштиришдан иборат.

Бугунги кунда Маълумотларни қайта ишлаш марказидан 11 минг нафардан ортиқ давлат солиқ хизмати органлари ходимлари фойдаланади.

Давлат солиқ қўмитаси билан 53 та вазирлик ва ташкилотлар ўртасида идоралараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. 650 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар ўзларининг «шахсий кабинет"ларига эга.

Марказда бир сониянинг ичида 15 мингга яқин маълумот ёзиш ва ўқиш билан боғлиқ операциялар амалга оширилиб, кунлик ахборот ҳажми ўртача 9,5 ГБдан ошмоқда. Солиқ маълумотларининг умумий ҳажми эса 22 ТБдан зиёдни ташкил этмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси Маълумотларни қайта ишлаш марказида жамланадиган маълумотларни «big data» кўринишига келтиришни мақсад қилиб, бу йўлда амалга ошириладиган лойиҳа катта ҳажмдаги маълумотларни қамраб олиш ва таҳлил эта олиш имкониятига эга бўлади. Мазкур марказнинг кенгайиши реал вақт режимида қабул қилиб олинган барча маълумотлар оқимини бирлаштиришга шароит яратади.

Дунё тажрибасидан маълумки, катта ҳажмга эга рақамли маълумотлар билан ишлайдиган воситалар ва ишларни ташкил қилиш фойдалидир. Хусусан, катта маълумотлардан фойдаланган ҳолда, кенг қамровли таҳлилларнинг амалга оширилиши натижасида 2018 йилда Россия ғазнасига қўшимча 345 млрд рубл келиб тушган.

Ўзбекистонда «big data» асосида қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича йирик лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳамда Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ҳисобварақ-фактурани электрон усулда расмийлаштириш тажрибаси муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Янги тизим ёрдамида ҚҚС бўйича тўловлар занжири деярли реал вақт режимида мониторинг қилиб борилади. Ушбу тизим «солиқ тўловчи-контрагент» занжиридаги узилишларни аниқлаш имконини беради ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олади. Бу эса ўз навбатида, ҚҚС бўйича тўловлар ҳажмининг ошишига олиб келади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилаётган яна бир истиқболли лойиҳа — онлайн назорат касса машиналари бўлиб, уларни жорий этилиши натижасида олинган катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилишда «big data» муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Онлайн касса аппаратларининг ўзига хос хусусияти шундаки, маҳсулотнинг (хизматнинг) миқдори ва номи, таркибидаги ҚҚС ва бошқа тафсилотлар тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказига келиб тушади. Маълумотларни онлайн тарзда тезкор мониторинг қилиб борилиши бизнес субъектлари фаолияти шафофлигини оширишга, давлат солиқ хизмати органлари ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими эса, маълумотларни мунтазам таҳлил қилиб борилиши тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда текширишга эҳтиёж қолдирмайди.

Хулоса қилиб айтганда, йирик ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириб, солиқ тўловчилар билан ўзаро муносабатларда янги имкониялар эшигини очади. Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлардан бири ҳам илғор ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириш, янги таҳлилий воситаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга қаратилган.

Шу боис Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш иқтисодиётда хуфиёна фаолиятларни қисқартиришга, шафофлик даражасини оширишга хизмат қилади ҳамда бизнес учун тенг рақобат шароитини яратишга катта туртки беради.