«Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков билан суҳбатлашди. Унда Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида сўз борди.

— Оролни сақлаб қолиб, ҳам ерларни ўзлаштириш учун бошқа йўл бўлмаганми?

-Бўлган. Ўзбекистонда «юқори"дан туширилган ҳар бир буйруқни ҳамма индамай бажараверган, деб ўйлаш керак эмас. Оролга сув қуйилмай қўйиши аниқ бўлгач, Шароф Рашидов бошчилигидаги ўша вақтдаги республика раҳбарияти бу масалани собиқ иттифоқ раҳбарияти олдида кўтариб чиққан. Унга қулоқ тутишган ва Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига буриб юбориш бўйича қарор қабул қилинган. Қарорда Сирдарё ва Амударёдан янги ерларни ўзлаштириш учун олиб сарфланаётган сувнинг ўрнини қоплаш мақсадида Сибирь дарёларидан 17 куб километргача сувни бизнинг минтақага йўналтириш кўзда тутилган. Бундай ҳажмдаги обиҳаёт Оролни тўлдириш учун етган бўларди. Бу иш бошлаб ҳам юборилди. Айрим маълумотларга кўра, ўшанда Сибирь дарёлари ўзанини ўзгартириш лойиҳаси устида 160 дан ортиқ ташкилотлар, 48 та лойиҳа ва 112 та илмий-тадқиқот институти, иттифоқ миқёсидаги 32 та вазирлик ҳамда иттифоқдош республикаларнинг 9 та вазирлиги ишлаган. Ўзбекистонда бу улкан лойиҳани рўёбга чиқариш учун қурилишга тамал тоши қўйилган. Аммо юз берган муайян воқеалар, раҳбарият алмашинуви туфайли собиқ «марказ"да турли-туман фикрлар кўпайиб, лойиҳа ўта қизғин муҳокамага учради. Асосан, катта минтақанинг экологиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган важлар кўрсатилди, шундай қилиб, лойиҳа бўйича ишларни тўхтатишга қарор қилинди.

Агар лойиҳа амалга оширилганда, бошқа минтақаларга қандай таъсир кўрсатган бўлар эди, буни ҳозир айта олмайман. Ўзбекистон эса мазкур лойиҳадан ютиши аниқ эди ва Орол ҳам қуримасди. Аммо… тарихий мазмундаги матнларда грамматик жиҳатдан («шундай бўлганда эди» каби шаклларда) «феълнинг шарт майли» қўлланилмайди.

— Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига ташлаш бўйича кейинроқ ҳам яна лойиҳалар ишлаб чиқилган-ку?!

-Уларни пухта ҳисоб-китоб­ларга асосланган лойиҳа, деб аташ қийин. Кўпинча ғоя босқичида қолиб кетган. Улар устида олимлар, вазирлик ва идоралар иш олиб бормаган. Тўғрисини айтганда, у ёки бу кўринишдаги шунга ўхшаш лойиҳа, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам керак.

Мен нимани назарда тутяпман? Айни замонда ҳамма Орол фожиасида Ўрта Осиё республикаларини айблаш билан овора — гўёки қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда катта ҳажмдаги сувни сарфлаётгани сабабли. Ваҳоланки, ҳозирча ўзини намоён қилмаётган бошқа каттароқ хавф ҳам мавжуд. Яна бир марта харитага қараймиз. Амударёга Афғонистон ҳудудининг катта қисми ҳам туташ. Ўша ерда, яъни дарё оқимининг чап тарафида 600 минг гектарга яқин кафтдек текис ер майдони бор. Ҳозирги мураккаб шароитда ерни комплекс ўзлаштириш учун на шароит, на маблағ ва на қувватлар етарли, шу боис бу масала ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Агар вазият ўзгариб, шу ерларни ўзлаштириш бошланса, сувни, албатта, Амударёдан олишади-да. Кейин бундай ҳолат пастки қисмда жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон учун қандай таъсир кўрсатади, башорат қилиш қийин. Унда экологларнинг ҳаракатлари фойда берадими, йўқми?

Воқеаларнинг бундай ривожи яқин келажакда намоён бўлиши кўриниб турибди. Демак, унга тайёр бўлиш лозим.