«Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков билан суҳбатлашди. Унда Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида сўз борди.

«Ҳеч қачон „ҳеч қачон“ дема», деган ибора бор. Лекин хавотирдаманки, аввалги Оролни, ҳатто кичикроқ ўлчамда бўлса ҳам, энди кўрмаймиз. Унинг ўрнида ҳозир мавжуд бўлган учта кўл сақланиб қолади. Улар Сирдарё ва Амударёдан эмас, балки ер ости сувлари ва бошқа манбалардан сув олади. Пайдо бўлган Оролқумга саксовул ва қурғоқчиликка чидамли бошқа ўсимликларни экиш зарур. Энг муҳими, Оролбўйи аҳолиси учун яхши шароитлар яратиш, уларнинг саломатлиги, муносиб турмуш тарзи ва меҳнат қилиши учун ҳаракат қилиш керак.

Афсуски, Оролни қайтара олмаймиз. Фақат, биласизми, Ўзбекистондагина эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам Орол фожиаси берган сабоқларни яхши англаш, инсон фаолияти, у ҳатто эзгу ниятлар билан қилинган бўлса-да, аянчли натижага олиб келиши ҳеч гап эмаслигини чуқур тушуниш лозим.

Бу — сабоқлар жуда долзарб. Негаки, дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам денгиз ва уммонларни тўлдирувчи дарёлар сувидан хўжалик мақсадлари учун назоратсиз фойдаланиш ана шундай вазиятга олиб келяпти, оқибатда уларнинг ҳажми кичрайиб бормоқда. Мутахассисларга ишонадиган бўлсак, кейинги 40 йил ичида машҳур Ўлик денгизнинг майдони уч баравар қисқарибди. У икки бўлакка бўлиниб қолган ва саёзлашиб бормоқда, ҳатто ярим асрдан сўнг умуман йўқолиб кетишини ҳам башорат қилишмоқда. 1960 йилдан бошлаб Африкадаги энг катта сув омбори — Чад кўли ҳам кичраймоқда. АҚШдаги Катта Тузли кўл ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Эроннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Урмия кўли дунёдаги энг катта оқмас шўр кўл ҳисобланади, айни вақтда уни қутқариш бўйича иш олиб бориляпти. Мабодо, у қуриса, ўрнида миллиардлаб тонна туз қолади. Ҳавза яқинида яшайдиган миллион-миллион кишилар бўлса, худди Оролбўйи аҳолисига ўхшаган ҳолатга тушади.

Бунинг устига, кўл ва денгизларни тўлдириб турувчи дарёлардан (айниқса, улар трансчегаравий бўлса) сув олишни назорат қилиш жуда қийин. Баъзи экспертлар эса дунёнинг муайян минтақаларидаги чучук сув ва озиқ-овқат тақчиллиги ҳатто мамлакатлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас, дейишмоқда.

Дарвоқе, бу ерда ҳам Ўзбекистон тажрибаси қўл келиши мумкин. Сув захиралари сабабли қўшни мамлакатлар билан бизнинг ўртамизда баҳслар бўлгани эсимизда. Баъзан ўзаро даъво қилишгача борганмиз. Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлганидан кейин биринчи қилган иши қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш ва ҳамкорлик ўрнатиш бўлди, шу жумладан, сув захираларидан биргаликда фойдаланиш масаласида ҳам. Маълум бўлдики, «давра столи» атрофида, учрашув ва музокаралар йўли билан, сув масаласини қўшиб ҳисоблаганда, кўпгина муаммоларни ҳал қилиш мумкин экан. Мана, ўтган йили сув тақчиллиги сезилган вақтда қўшнилар билан бирга, шундай қўшма чора-тадбирлар қўлланилдики, сувсизликдан кўриладиган зарар минимал даражагача камайтирилди.

Қисқаси, яна бир бор такрорлайман, Орол фожиасининг сабоқлари жуда долзарб ва ҳамма улардан тегишли хулоса чиқариши лозим", — деди Исмоил Жўрабеков.