Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров Миср Араб Республикасининг «PHARCO Corporation» фармацевтика компанияси вице-президенти Муҳаммад Раслан ҳамда компания таҳлил бўлими раҳбари Ваель Фавзини қабул қилди. Бу ҳақда Namnews.uz хабар берди.

2018 йил сентябрь ойида Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон-Миср бизнес-форумида «PHARCO Corporation» компанияси билан Наманган вилоятининг Косонсой туманида жойлашган «Косонсой-Фарм» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш бўйича инвестицион ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Қайд этиш жоиз, «PHARCO Corporation» 500 дан ортиқ фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик компания ҳисобланади ва у ўз маҳсулотларини бугунги кунда дунёнинг 47 мамлакатига экспорт қилмоқда.

Суҳбат давомида фармацевтика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ва уларнинг самаралари, ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Тез фурсатларда Мисрда ҳам Наманганда ҳам тадбиркорлар ўртасида учрашувлар ўтказилиб, ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳалар бўйича ишга киришилади ва бу ҳеч шубҳасиз икки тараф учун ҳам фойдали бўлади.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси масъул ходими Бекзод Юсупов, Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов иштирок этдилар.

Меҳмонлар ташриф доирасида «Косонсой-Фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси, «Спринт фармацевтикал» МЧЖ фаолияти билан яқиндан таништирилди.