Фарғона шаҳар уй-жой бўлими ходими 1 минг 500 доллари миқдорида пора олаётганида қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда, дейилади ЎзА хабарида.

Жорий йилнинг 2 феврал куни Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи А.С. вилоят ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унга кўра шаҳарнинг Янги аср кўчасида жойлашган отаси номига расмийлаштирилган ордерли уйни ўз номига ўтказиб беришларини сўраб, шаҳардаги уй-жой бўлимига мурожаат этган. Бўлимда мутахассис сифатида ишловчи ходим ордерни унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари пора талаб қилаётганлигини билдирган.

Фуқаронинг аризасига асосан вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи Қиргули мавзесида аризачидан келишилган пулларни олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.