Президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Алламжонов Комил Исмаиловични Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар берди.

Аввал хабар қилганимиздек, давлат раҳбарининг 2 февралдаги янги маҳкама фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида агентлик директори ўз мақомига кўра президент маслахатчисининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги президентнинг 2 февралдаги фармони билан собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА) негизида ташкил этилди.

Комил Алламжонов (1984 й. т.) ноябрь охирида ЎзМАА бош директори в. б. этиб тайинланган эди. Аввал президент матбуот котиби ва бир вақтининг ўзида давлат раҳбари ижро аппарати раҳбари ўринбосари эди.