4−7 февраль кунлари Тошкентда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати. Бўлғуси битим 1999 йил 1 июлдаги шартнома ўрнини эгаллайди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Европа ташқи фаолият хизматининг бошқарувчи директори ўринбосари Лук Девин бошчилик қилди.

Битим лойиҳаси тузилмаси бўйича бир хил тушунчага келинди ва учта гуруҳга бўлиниб, ҳужжат лойиҳасининг барча бўлимлари батафсил ва конструктив равишда муҳокама қилинди ва мумкин бўлган ўзаро мақбул қоидалар белгиланди.

Ўзаро келишувга кўра, битим лойиҳасининг савдо қисми бўйича экспертлар учрашувлари Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари вакиллари иштирокида ҳафтанинг охирига қадар давом этади.

КШҲБ бўйича музокараларнинг иккинчи раундини Бруссел шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Европа делегациясининг Тошкентда бўлиши чоғида «Бош преференциялар тизими плус» («БПТ+») мақомини олишга Ўзбекистон талабномасини тайёрлаш бўйича маслаҳатлашувлар, «БПТ+» мақомони олишнинг устунликлари билан таништириш мақсадида мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари учун брифинг ҳам бўлиб ўтди.