Озарбайжоннинг «Матанат А» компанияси вакилларидан иборат делегация Қамаши туманига келиб, ҳудуддаги шарт-шароит, ишбилармонлик муҳити, инфратузилма, хом ашё базаси билан яқиндан танишди ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси сайтида хабар берилди.

Вилоят ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Эрназаровнинг маълум қилишича, ушбу танишувдан сўнг чет эллик ҳамкорлар вилоятда бизнес бошлашга жиддий қарор қилган. Озарбайжон иқтисодиёт вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида «Матанат А» компанияси раҳбарияти ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Шагазатов қатнашган.

Таъкидланишича, мазкур фирма таклиф этган истиқболли лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Унинг доирасида Қамаши туманида гипсокартон, қуруқ қурилиш қоришмаси сингари рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик қувватни ишга тушириш белгиланган. Асосийси, хом ашё муаммо бўлмайди, чунки бу ҳудудда қурилиш материаллари тайёрлашда ишлатиладиган гипснинг салмоқли захираси мавжуд.