«Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков билан суҳбатлашди. Унда Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида сўз борди.

— Оролни кўп кўрганман, ҳар йили бўлмаса ҳам икки йилда бир марта, албатта, борардим, — дея сўз бошлади Исмоил Жўрабеков. — Илк ташрифим аниқ эсимда. Ўшанда 1971 йил эди. Мўйноқ томон кетарканмиз, йўлнинг ўнг ва сўл томонида денгиз қирғоқларига тўлқинлар ­урилиб турарди. У вақтларда Орол сатҳининг пасайиши унчалик сезилмас, Сирдарё ва Амударёдан сув доим келиб турарди. Баъзан сув бир оз камаяр, лекин бу иқлим шароитлари билан боғлиқ бўлиб, табиий ҳодиса эди, — деди у.

«Сув чекина бошлагани 1972 йилдаёқ маълум бўлиб қолди. Энг қийин давр 1979−1980 йилларга тўғри келди. Ўшанда денгиз шундай жадал суръатда орқага кетдики, қирғоғидан ҳатто 15 — 20 километргача нари кетди. Бугунги кунга келиб, денгизнинг аввалги қирғоғидан ҳозиргисигача бўлган масофа юз километрдан ҳам зиёдни ташкил этади. Бу — чинакам фожиа!

Қачондир катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган кўл деярли йўқолди, унинг ўрнида эса майдони 5,5 миллион гектардан иборат саҳро — Оролқум пайдо бўлди. Шамол бу ердан йилига юз миллион тоннагача қум ва тузни кўтариб, юзлаб километрга учиради. Бу, айниқса, Оролбўйида яшаб келаётган туб аҳоли учун ниҳоятда оғир ­шароит туфайли юзага келган катта ­синовдир. Аҳоли, биринчи ­галда, давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва кўмакка жуда муҳтож", — деди Исмоил Жўрабеков.