«Халқ сўзи» мухбири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил Жўрабеков билан суҳбатлашди. Унда Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида сўз борди.

«Орол фожиасининг илк сабаблари нимада? Мен бу масалада кўплаб мутахассислар, олимлар ва экспертларнинг фикри билан танишман. Айтиш лозимки, бу — ниҳоятда мураккаб мавзу. Баъзан ушбу масала бўйича баҳс бошланса, ҳис-туйғуларга берилиб кетиш ҳам кузатилади. Ўз вақтида у, менимча, ҳаддан ташқари сиёсийлаштириб юборилган эди.

Хўш, фожиага ўзи нима олиб келди? Буни тушуниш учун, келинг, ҳис-туйғуларни бир четга суриб, оддий далилларга мурожаат қилайлик. Харитага қаранг. Сирдарёни олсак, у Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан оқиб ўтади. Лекин дарё оқимининг ­деярли тўртдан уч қисми Қирғизис­тонда шаклланади, яъни музликлар эришидан ҳосил бўлган Қорадарё ва Норин дарёларининг қўшилишидан Сирдарё ташкил топади. ­Амударё оқимининг 80 фоизи эса Тожикистон ва Афғонистондаги тоғларда вужудга келади. Шундан кейин бу дарё Ўзбекистон ва Афғонистон чегараси бўйлаб оқади, Туркманистоннинг шимоли-шарқий қисмини кесиб ўтиб, яна Ўзбекистон ҳудудида оқишни давом эттиради. Ҳаттоки, бугунги глобал исиш ва музликлар эриши шароитида ҳам Оролни тўлдириб турган бу икки дарёнинг суви уни сақлаб қолиш учун етган бўлар эди", — деди у.

«Энди тарихга назар ташласак. Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёнинг барча республикалари ва Қозоғистонда жадал суръатлар билан чўлларни ўзлаштириш бошланди. Йилига 70 — 80 минг гектар ер ўзлаштирилар эди. Бир гектар майдонни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тайёрлаш, у ерда ҳосил етиштиришга ҳеч бўлмаганда ўн ва ундан ортиқ минг куб метр сув керак бўлади. Шундай қилиб, чўлни ўзлаштириш учун ҳар йили 600 — 700 миллион, баъзан бир миллиард куб метргача сув сарфланар эди. Сирдарё ва Амударёдан сув олиш ҳажми йилдан-йилга ортиб борди. Вақти келиб, дарёлар энди Оролга етиб бормай қўйди, бундай ҳолат кейинги йилларда юз берди.

Хўш, биз Оролни йўқотиб қўйишимиз мумкинлигини қачон тушуниб етдик? Аслида чўл ерларни кенг кўламда ўзлаштириш натижасида дарёлар суви Оролга етиб бормаслиги аввалдан маълум эди. Шуни билган ҳолда, нега бўлмаса, бунчалик тез ўзлаштириш ва кўп сув сарфига йўл қўйилди?

Бунга бир нечта сабаб бор эди. Шулардан асосий иккитасини келтириб ўтаман. Биринчи галда — Ўрта Осиё республикаларида аҳоли сонининг йилига 2 — 2,5 фоизгача ўсиши. Шу ўринда қатор саволлар пайдо бўлади. Мабодо, ўша вақтда суғориладиган ерлар майдони 1,8 миллиондан 4,3 миллион гектаргача етказилмаганида, бугун Ўзбекистон ўзининг 33 миллиондан зиёд аҳолисини боқа олармиди? Тўғри, ерлар, асосан, пахта экиш мақсадида ўзлаштирилган ва кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистонга бошқа республикалардан келтирилган. Бу — собиқ иттифоқ марказининг ўша даврдаги сиёсати эди. Лекин агар ўшанда ерлар ўзлаштирилган бўлмаганида, иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин қандай аҳволга тушиб қолардик — буни энди тасаввур қилиш қийин эмас. Озиқ-овқат маҳсулотларини четдан валютага сотиб олишга тўғри келган бўларди, мустақил республикада эса валюта етишмасди. Шу ерда Ўзбекистон суверенитетга эришган дастлабки кунларда бор-йўғи бир ҳафтага етадиган буғдой захираси ­мавжуд бўлганини эслашнинг ўзи кифоя. Ўшанда ва ундан кейин ҳам валюта, асосан, пахта толасини ­экспорт қилиш ҳисобига топилган ва унга озиқ-овқат маҳсулотлари, энг аввало, дон харид қилинган.

Орол учун салбий оқибатларга олиб келишини билган ҳолда, барибир нимага чўл ўзлаштиришга зўр бериб, Сирдарё ва Амударёнинг сув захиралари кўп сарф қилинаверган? Энди бунинг иккинчи сабабига келсак. Бу Ўзбекистонни ҳам, қўшни республикаларни ҳам ривожлантириш билан боғлиқ. Айнан ўша даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадал кўпайтириш билан бир қаторда, йирик корхоналар ҳам қурилган, улар эса ҳам маҳсулот ишлаб ­чиқарган, ҳам аҳолини иш ўринлари билан таъминлаган. Ерларни ўзлаштириш билан бир пайтда, бугун миллионлаб одамлар яшаётган аҳоли пунктлари бунёд этилган. Яъни агар янги ерларни ўзлаштирмаганимизда, иқтисодиётимизнинг бугунги тараққиёти даражасига, унинг мустақиллик йилларидаги ўсиши учун замин яратишга эришган бўлмасдик.

Йўқ, ҳозир ҳикоя қилаётганларимни ўз вақтида Оролни ҳалокатга олиб келган саъй-ҳаракатларни оқлаш, дея қабул қилмаслигимиз керак. Асосий айб инсоннинг табиатга аралашувида эканлиги аниқ. Шундай бўлса-да, адолат нуқтаи назаридан, инсонга нима учун шу қадамни қўйиш зарур бўлганини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади. Унчалик чиройли бўлмаса ҳам, қуйидаги ўхшатишни келтирмоқчиман: тарозининг икки палласини кўз олдимизга келтирсак, бир паллада — Орол қисмати, иккинчи паллада эса — бугунги кунда эришганларимизнинг катта қисми ва кўплаб одамлар тақдири", деди Исмоил Жўрабеков.