Бутун дунёда нақд пулдан воз кечилаётган бир вақтда Ўзбекистон нақд пул фетишизми (нақд пулга «сиғиниш» — таҳр.) кузатилади, деди Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида.

МБ раҳбари масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахслар учун бозордан арзонроқ нархга маҳсулотлар сотиб олиш учун ҳисоб рақамидан нақд пул ечиб олишга чекловлар борми, деган саволга жавоб берди.

«МЧЖ шаклидаги тадбиркорлар учун чекловлар йўқ. Корпоратив карта бор, унга пул юклаб, харидларни амалга ошириш мумкин. Аввал, ҳа, бунақаси бўлган. Ҳозирда чеклов олиб ташланган (2018 йил апрелида — таҳр.). Тадбиркор учун нақд пулдан кўра пластик картадан фойдаланиш қулайроқ. Биздаги бу ҳолат нақд пул фетишизми билан боғлиқ. Бутун дунёда нақд пулдан воз кечилмоқда», — деди у.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев нақд пулга бўлган талаб солиқдан қочишга уриниш бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

«Нима учун нақд пулга эҳтиёж бор? Бу солиққа тортиш билан бевосита боғлиқ. Агар биз ҳисоб-китобларни пул ўтказиш йўли билан ҳамда нақд пул кўринишида амалга ошираётганлар учун солиққа тортишнинг ягона тизимини ярата олсак, тадбиркорлар учун фарқ қолмайди. Айрим ҳолатларда солиқлардан қочиш учун ҳам тадбиркорлар нақд пулда ҳисоб-китоб қилишади», — деди у.

ДСҚ раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, бу борада Туркия тажрибасини қабул қилишни режалаштираётганини маълум қилди.

«Биз Туркия тажрибасини ўрганмоқдамиз. Нақд пулда ҳисоб-китоб қилинаётганда ҚҚС бўйича ҳисоб-фактура берилади. Яъни ҳисоб-китоб қандай шаклда амалга ошаётганидан қатъи назар ҳисоб-фактура мавжуд. Ҳозир биз ўзимизда буни амалиётга қандай жорий этишни ўйлаяпмиз», — деди Мубин Мирзаев.