Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Олим Эрназаров ва мамлакат бош прокурори Отабек Муродов учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар қилди палата матбуот хизмати «Газета.uz"га. Учрашув палата томонидан касбий фаолияти давомида адвокатларнинг ҳуқуқлари суриштирув, тергов органлари ҳамда судлар томонидан бузилиши тўғрисидаги аноним сўровнома якунлари эълон қилингани муносабати билан бўлиб ўтди.

Палата баёнотида (PDF) қайд этилишича, учрашув «очиқлик ва конструктив руҳда» бўлиб ўтди. Унда томонлар ҳамкорлик ҳаракатларини олиб бориш, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари вакиллари иштирокида ишчи комиссия тузишга келишиб олинди.

Учрашувда Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан назорат қилишини билдирди ва адвокатлар уларнинг фаолиятига аралашиш ёки бирор-бир тазйиқ ўтказиш ҳолатлари юзасидан бевосита бош прокурорга мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Хабарда адвокатлар уларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда бевосита Адвокатлар палатасига ҳам мурожаат қилишлари мумкинлиги қайд этиб ўтилади.

30 январь куни Адвокатлар палатаси сайтида ва «Адвокат» журнали сайтларида адвокатларга нисбатан тазйиқлар ва ноқонуний ҳаракатлар тўғрисидаги аноним сўровнома натижалари эълон қилинди. Сўровнома 2018 йилнинг октябрь-декабрь ойларида ўтказилган.

Бош прокуратура сўровнома натижаларини шубҳа остига олди, Ўзбекистон Олий суди эса уларни «ҳақиқатдан йироқ» дея баҳолади. Сўровнома натижалари юқорида тилга олинган сайтлардан олиб ташланди, бироқ кейинроқ қайтарилди.

«Адвокатлар палатаси ўз аъзолари, яъни адвокатлар орасида аноним сўровнома ўтказиш ҳуқуқига эга. Ўз навбатида, адвокатлар бундай аноним сўровномалар натижалари ҳақида маълумот олишга ҳақлидирлар», — дея қайд этди палата.

«Аноним сўровнома таҳлили натижаларига кўра Адвокатлар палатаси адвокатлик фаолияти мустақиллиги ва эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар дастури ва превентив чора-тадбирларни белгилаб олади», — дейилади баёнотда.

Бунда палата ОАВ орқали онлайн баҳс-мунозараларга киришиш ниятида эмаслиги, негаки бундай услуб самарасиз бўлиб, ҳамкорликнинг бошқа самарали платформаларини қўллашни муҳим деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.