Тошкент патруль-пост хизмати ходими автомобилни автобус бекатида қолдиргани учун жаримага тортилди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Давлат рақами 01 587 VSF бўлган Nexia русумли патруль автомобили фотосурати Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган эди.

ИИББнинг қайд этишича, патруль автомобиллари Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 19-моддасига (фуқароларга таҳдид солаётган хавфларни бартараф этиш учун содир этилган ҳаракатлар) кўра зарурат туғилган тақдирда Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ келмаган ҳолда ортга қайтиш, бурилиш ва тўхтаб туриш ҳуқуқига эга.

Бу ҳолатда ИИББ томонидан ППХ ходимининг қоидабузарлик содир этгани сабаблариниыаниқлаш учун текширув ўтказилди ва уни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

«Интернетда ППХ патруль автомобили қоидабузарлиги акс этган фотосурат пайдо бўлса, дастлаб ходимнинг қоидабузарлик содир этгани сабаблари текширилади. Агарда ҳаракатларни асослаш учун далиллар бўлмаса, ходимга нисбатан бошқа ҳар қандай қоидабузарга қўллангани каби маъмурий чоралар кўрилади», — дея қайд этди ИИББ.