Бирлашган Араб Амирликлари инвесторлари Мўйноқда ўйин зонасини ташкил этишни таклиф қилди, дея хабар берди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Вазирлар Маҳкамасининг 16 январдаги қарорида «сафари-роуд» учун трасса қуриш, Rally Muynak мусобақаси, халқаро гастрономик фестиваллар ўтказиш, ҳунармандлар хиёбонини ташкил этиш, тиббиёт ва зиёрат туризмини ривожлантириш таклиф этилган эди.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар, жумладан Бош прокуратурага Мўйноқни инвестициялар, технологиялар ва инновациялар марказига айлантириш учун барча зарур инфратузилмаларни яратиш учун туманнинг географик жойлашуви ва иқлим шароитларига эътибор қаратиш топширилган. Ҳужжатда инновацион мактаб, спорт иншоотлари, даволаш-профилактика муассасалари, замонавий аэропорт, меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар мажмуалар, «селфи"-объектлар, оптик толали интернет ва IP-телевидениени ўз ичига олган замонавий шаҳарчани бунёд этиш кўзда тутилган.

Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонованинг «Газета.uz"га маълум қилишича, инвесторлар Мўйноқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жумладан казино қуриш бўйича турли лойиҳаларни таклиф қилмоқда. Бош прокуратура бошқа идора ва вазирликлар билан барча таклифларни ҳамда уларни амалга ошириш аспектларини ўрганмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилдаги қарори билан қимор ва бошқа рискли ўйинлар, жумладан тотализаторларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек пул ютуқли ўйин автоматларини олиб кириш тақиқланган.