ФИФА февраль ойи учун миллий терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги рейтингда 89-поғонадан жой олди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Аввалги рейтингга нисбатан терма жамоа 6 поғона юқорилагди. Осиё бўйича эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12-поғонада бормоқда.

Эрон терма жамоаси ҳамон Осиё бўйича 1-поғонада бормоқда. Форслар умумий жадвалда 22-ўринда турибди. ФИФА рейтингини 1727 очко жамғарган Бельгия терма жамоаси бошқариб турибди. Амалдаги жаҳон чемпиони Франция 2-ўринда, Бразилия эса 3-поғонада бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси январь ойида БААда бўлиб ўтган Осиё кубогида 4та ўйин ўтказиб, 2та ғалаба (Уммон, Туркманистон), 1та мағлубият (Япония) ва 1та дуранг (Австралия) қайд этди. Нимчорак финалда Австралияга қарши 120 дақиқа 0:0 ҳисоби қайд этилиб, ўзбекистонлик футболчилар фақат пенальтилар сериясига кўра мағлубиятга учраганди.