Марказий банк тижорат банкларига автокредитлар ажратишни чеклагани йўқ, деди МБ бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида.

2018 йилда автокредитлар кескин ўсиб кетганидан сўнг жорий йил бошида автокредитлар ажратувчи банклар сони қисқарди. «Газета.uz» мухбирининг сабаблар ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Марказий банк раҳбари МБ бу каби кредитлар риски юқорилиги учун тижорат банклари устав капиталига қўшимча талаблар жорий этганини маълум қилди.

«Биз автокредитлаш рискларини баҳолаб чиқдик, улар бизда юқори рискли ҳисобланади. Биз автокредитлашни чекламадик, биз шунчаки тижорат банкларининг автокредитлашга оид портфелларига Марказий банк талабларини кучайтирдик. Биз автокредитлар бўйича хатарлар даражасини оширдик, банклар устав капиталига МБнинг қўшимча талабларини ўрнатдик. Автокредитлар ажратишга тўғридан-тўғри чекловлар йўқ, улар ўз рискларидан келиб чиқиб кредитлар ажратадилар», — деди Мамаризо Нурмуродов.

Бундан ташқари, Марказий банк раҳбари мазкур масалани макроиқтисодий томондан кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Унинг қайд этишича, жуда кўп миқдорда автокредит ажратиш автомобилларнинг иккиламчи бозорини ўлдириб юбориши мумкин.

«Бирламчи бозорда автокредитлар кескин ўсса, биз иккиламчи бозорни ўлдирамиз. Иккиламчи бозор хизматларидан фойдаланувчи одамлар тоифалари бор. Биз оммавий равишда автокредитлар ажратиб, янги машиналар бирламчи бозорини ривожлантирдик. Муайян босқичда иккиламчи бозорда нархларнинг тушиши шароит яратамиз. Бир ярим йилдан кейин автомобиль бир оз арзонлашади ва кредитни қопламай қолади. Биз бу масалага макроиқтисодий нуқтаи назардан ёндашамиз, [бозорларни] комплекс ривожлантиришимиз лозим — уларнинг ҳеч бирига зарар етказмаган ҳолда», — дея тушунтириш берди у.