6 февраль куни Челябинск вилояти (Россия) губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаевга тантанали равишда «Яхшилик қилишга шошилинг» («Спешите делать добро») медалини топширди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

2018 йил 31 декабрь куни Оламафруз Абдуллаев Магнитогорскдаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган портлашдан сўнг қутқарувчилар етиб келгунига қадар вайроналар остидан саккиз кишини қутқарди.

Медал «Россия Федерациясининг Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун» топширилди.

Яқинда сурхондарёлик йигитга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги фахрий ёрлиғи топширилди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси унга Екатеринбург-Тошкент рейсига бепул чипта тақдим этди. Оламафруз Абдуллаев 7 февраль куни учиб келади.

31 декабрь куни эрта тонгда Магнитогорскдаги уйда портлаш содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида уйнинг кириш йўлаги қисман қулаб тушди ва 39 киши ҳалок бўлди. Ҳодисага, Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, маиший газ портлаши сабаб бўлган.