Ҳарбий хизматга чақирув тадбирларини йилнинг февраль-март ойларида ўтказилиши чақирув ва йиғин пунктлари хоналарида белгиланган иссиқлик ҳароратини таъминлашда қатор қийинчилик ва сарф-ҳаражатларнинг ортишига олиб келмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аксарият ҳолатларда ноқулай об-ҳаво шароити мамлакатнинг узоқ ҳудудларида яшовчи фуқароларни ўз вақтида чақирув ва йиғин пунктларига етиб келишларига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, қиш мавсумидаги йўллар ҳолати олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг чақирув тадбирларида тўлиқ иштирок этишини қийинлаштирмоқда.

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва соҳага оид меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, 2019 йил чақирувини сифатли ўтказиш ҳамда фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда бир қанча ишлар амалга оширилди.

Чақирув тадбирларини ўтказиш даврида йилдан йилга такрорланиб келаётган камчиликлар ва юқорида кўрсатиб ўтилган ортиқча сарф-ҳаражатлар ҳамда энг аввало, фуқароларга қулайликлар яратишни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни захирага бўшатиш муддатини йилнинг февраль-март ойларидан март-апрел ойларига ўтказиш таклифи берилган.

Шунга асосан Мудофаа вазирлиги томонидан «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.