Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари томонидан наркотик ва товар-моддий бойликларининг йирик партияси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Чегара қўшинлари вакили берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон чегарачилари жорий йил январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида наркотик ва товар-моддий бойликларининг йирик партиясини тўхтатиб қолган.

29 январь куни Тошкент туманининг чегараолди Тутзор аҳоли пунктида чегарачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.Ҳайитов тўхтатилиб, шахсий текшурувдан ўтказилганда, унинг ёнидан умумий оғирлиги тахминан 2 кг 500 грамм (1 кг 900 грамм марихуана ва 600 грамм наша) бўлган наркотик моддалар борлиги аниқланган.

Шу куннинг ўзида Наманган вилояти чегараолди Заркент аҳоли пунктида чегара наряди томонидан З.Ортиқов тўхтатилган. У ўзининг «Мерседес» русумли автомашинасида белгиланган қоидаларни четлаб ўтган ҳолда Давлат чегараси орқали Ўзбекистонга умумий қиймати 172 млн сўм бўлган 57 та телевизор ва 2 та электр печини олиб кирган.

Жорий йилнинг 1 февраль куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Тожикистон фуқароси Ф. Холматов ноқонуний равишда товар-моддий бойликларни олиб ўтишга уриниш пайтида қўлга олинган. У чегарадан умумий қиймати 100 млн сўм бўлган тамаки маҳсулотларини олиб ўтишга уринган.

Мазкур ҳолатлар бўйича қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги доирасида чоралар кўрилди.