Умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида бадиий адабиётни мутолаа қилиш ҳамда уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида «Китоб ҳафталиги"ни ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур режага асосан «Китоб ҳафталиги» тадбирларини она тили ва адабиёт фани дарсларида, тарбиявий соатлар жараёнида ҳамда ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтида юқори савияда ташкил этилиши белгиланди.

Ҳафталик доирасида ўзбек миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари мутолаа қилиниши қайд этилган. Ўқувчилар дунёқарашини ривожлантирувчи асарлар сирасига шеър, ҳикоя ва қисса, шунингдек. қизиқарли эртаклар ҳам киритилган. Ушбу бадиий адабиётлар ўғил-қизларнинг ёшига мос тарзда танланган.

Асарлар жадвалга биноан ҳар ҳафта белгиланган адабиёт синфлар кесими бўйича мутолаа қилинади. «Китоб ҳафталиги» жорий йилнинг 4 февралида бошланиб, 25 майида якунланади.