Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги «Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги 16-сон буйруғи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 11 январда 3118-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосида умумий ўрта таълим муассасаларида кузатув кенгаши фаолиятини ташкил этилиши белгиланган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу боис, 2019 йил 23 январь куни Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари директорлари учун Мирзо Улуғбек туманидаги 64-сонли ва Чилонзор туманидаги 217-сонли мактабларда умумий ўрта таълим муассасаларида кузатув кенгаши аъзоларини белгиланган тартибда сайлаш ва кенгашнинг дастлабки намунавий таъсис йиғилишлари ўтказилди.

Мазкур йиғилишда Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан кузатув кенгаши фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Жумладан, таълим муассасаларида Васийлик кенгаши фаолияти тугатилиб, кузатув кенгашлари фаолиятини ташкил этиш мақсади, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Кенгаш аъзоларининг сони чекланмайди. Кенгашга ота-оналар, собиқ битирувчилар ва нафақадаги собиқ педагоглар, ҳомийлар ва жамоат вакиллари киришлари мумкин.

Шунингдек, кузатув кенгашини таъсис этиш, кенгаш таркибини ва унинг раҳбар органларини сайлаш йиғилишларини уч босқичда ўтказиш лозим бўлади.