Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудига йирик миқдордаги тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уринган шахснинг қилмишларини фош этди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бекобод туманидаги чегара ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида тун қоронғусида оғир қопни кўтарганча чегарадош ҳудудда изғиб юрган шахс ҳушёр ходимлар томонидан қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу шахс 1990 йилда туғилган, фуқаро Ф.Х. бўлиб, у Ўзбекистон ҳудудига умумий қиймати 210 млн. сўмлик, жами 9590 қути тамаки маҳсулотларини божхона тўловларни тўламасдан олиб киришга уринган экан.

Хорижда ишлаб чиқарилган ва акциз маркаси билан маркаланмаган «Business Royals» номли ушбу тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.