Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона шаҳрида «маънан эскирган уйлар"нинг бузилаётгани ҳамда мазкур ҳудудда Жанубий Корея компанияси инвестицияси асосида беш юлдузли меҳмонхона ва замонавий кўп қаватли турар жой комплекслари қурилиши юзасидан яна бир бор баёнот берди. Ундан аввалроқ эса «Газета.uz» Фарғона марказидаги уйлар аҳоли норозилигига қарамасдан бузилишда давом этаётгани, ҳаттоки А.Навоий кўчасидаги одамлар яшаб турган 32-уй деворлари экскваторлар ёрдамида қулатилаётгани ҳақида ёзган эди.

Бош прокуратура баёнотида қайд этилишича, 31 январь ҳолатига 57 та хонадон эгаси янги кўчирилган. Ҳозирда бузилишга тушган уйларнинг 8 та хонадонида фуқаролар яшаб келмоқда, уларни бошқа жойга кўчириш учун янги турар-жой биноси ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудуддаги бузилиши режалаштирилган 6 та уйдаги 57 нафар хонадон эгалари ўз уйларида яшаб келмоқда. Кўчирилмаган жами 65 та хонадон эгаларини янги турар-жой билан таъминлангунга қадар бузилиш ишлари тўхтатилган.

Уйлари бузилишга тушган фуқароларни кўчириш ишлари мутахассислар иштирокида ўрганилиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмагани аниқланиб, шаҳар ҳокимининг 8 январдаги қарорига нисбатан протест келтириш учун асослар бўлмади.

Шунингдек, шаҳар ҳокими Х.Хабибидиновга 8 нафар хонадон эгалари билан Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган тартибда келишув битими тузгандан сўнг кўчириш ишларини амалга ошириш мажбурияти юклатилди.

Фарғона вилоят ҳокимилиги делегациясининг 2018 йил 23−26 июль кунлари Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари натижасида вилоят ҳокимлиги ва «Chung Construction Design Group» компанияси ўртасида Фарғона шаҳрида беш юлдузли меҳмонхона ва замонавий кўп қаватли турар жой комплексларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича эришилган дастлабки келишув бўйича музокаралар олиб борилиб, меморандум имзоланган.

Қайд этилган меморандумга кўра, 25 январь куни компания вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюриб, Фарғонада «Фергана Комплекс-Сити» лойиҳасини амалга ошириш бўйича оғзаки якуний келишувга эришилган.

Унга кўра, корейс компанияси томонидан Фарғона шаҳар, А.Навоий кўчасида 20,9 минг кв м майдонда жами қиймати 98,5 млн долларлик 500 ўриндан иборат 21 ва 18 қаватли меҳмонхона-резиденция, 10 қаватли бизнес марказ, савдо мажмуаси ва тўйхона қуриш бўйича лойиҳа тақдим этилиши маълум қилинган.

Компания томонидан лойиҳани амалга ошириш учун 25 январь куни Фарғона шаҳрида «Chung group — TGDG» номи билан янги хорижий корхонаси ташкил қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказилган.

Компания томонидан шу кунга қадар расмий равишда лойиҳа тақдим этилмаган ва А.Навоий кўчасида бузилаётган бино-иншоотлар ўрнини «Chung Construction Design Group» компаниясига ажратиб бериш ҳақида вилоят ёки шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинмаган, дейилади хабарда.