Ўзбекистон мудофаа вазири 29−30 январь кунлари Флорида штатидаги Тампа шаҳрида АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбарияти билан учрашди, дея хабар қилди мудофаа маҳкамаси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Аввал хабар қилинганидек, 26 январь кунлари мудофаа вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси «Жанубий зарба» қўшма машғулотлари жараёнини кузатган, унда Ўзбекистон махсус ҳарбий хизматчилари ҳам иштирок этган эди.

Учрашувда томонлар Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунёдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қўшма ва халқаро ўқувлар, тренинглар ўтказиш соҳаларида ҳамкорлик, шунингдек икки давлат мудофаа маҳкамалари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлигида ўзбек делегацияси Стратегик таҳлил қўшма гуруҳи ва Коалицион мувофиқлаштириш маркази фаолияти билан ҳам танишди. Шу билан расмий ташриф якунига етди.