28 январь куни Андижон вилояти Пахтаобод туманида беш ёшли қизчанинг жасади топилди. Унинг қўшниси М.И. қотилликда айбланиб қўлга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тергов жараёнида маълум бўлишича, ҳодиса душанба куни тахминан 14:00 атрофида содир бўлган. Содир этилган жиноятни яшириш мақсадида М.И. қизчанинг оёқ кийимларини ҳожатхонага ташлаб юборади, унинг жасадини эса синтетик қопга жойлаштириб, яшаш хонасидаги пол остига кўмиб қўяди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28 январь куни Пахтабод тумани прокурори томонидан М.И.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида ушланган.

Жиноят иши бўйича 30 январь куни М.И.га Ўзбекистон ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в, ж, з» бандлари (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, яъни: қасддан одам ўлдириш айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни; ўта шафқатсизлик билан; номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда) билан айблов эълон қилиниб, шу куни унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда, терговнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.