Тошкент ҳокимияти томонидан «Пойтахт банк» таъсис этилиши банк қонунчилиги талабларининг бузилиши ҳисобланмайди, деди Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов «Газета.uz» мухбири саволига жавоб берар экан.

Аввалроқ Uzmetronom.com нашри «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик юридик ва жисмоний шахслар банк муассислари бўлиши мумкин, башарти, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари бундан мустасно эканига эътибор қаратган эди.

Тимур Ишметов қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, деган жумлага эътибор қаратиб, давлат бошқарув органлари ҳам муассис бўла олишини маълум қилди.

«2017 йилда президент қарори („2017−2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйларни қуриш миқёсини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ — таҳр.) қабул қилинган эди. Бу аввалги ҳоким даврида эди, яъни бу ҳозирги ҳокимият ташаббуси эмас. Бир ярим йилда қарор талаби ҳокимиятда маблағ йўқлиги сабабли ижро этилмади. Ҳозир, энг кам миқдордаги устав капитал тўпланганидан сўнг банкни очишди. Қонунчилик нуқтаи назаридан бу ерда қонун бузилиши ҳолатлари йўқ», — деди МБ раисининг биринчи ўринбосари.

У Марказий банк банк раҳбарияти олдига кузатув кенгаши таркибини қайта кўриб чиқиш талаби қўйилганини айтиб ўтди.

«[Бошқарув таркиби] бўйича саволларимиз йўқ. Банк кенгаши масаласида эса уни тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб қилдик. У асосан ҳокимият ходимларидан таркиб топган, — деди Тимур Ишметов. — Биз кузатув кенгашининг ярмидан кўпи давлат хизматчиси бўлмаган ва ҳокимият билан ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ банк соҳасида тажрибага, тегишли малакага эга шахслардан таркиб топиши лозимлигини талаб қилдик».

«Пойтахт банк» раҳбарияти қисқа вақт ичида кенгашнинг янги таркибини тақдим этишни режалаштирган.

«Агар [таркиб] яна бизни қаноатлантирмаса, биз уни тузатишни талаб қилаверамиз», — дея ишонч билдирди Тимур Ишметов.

«Пойтахт банк» 2018 йил 29 декабрь куни лицензияга эга бўлиб, ўз фаолиятини 10 январь куни бошлади. Банк устав капитали 100 фоиз пойтахт ҳокимияти маблағлари ҳисобидан шакллантирилиб, 100 млрд сўмни ташкил этади.