Миллий гвардия Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вазифаларини такрорламайди, деди ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Қутбиддин Бурхонов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда «Газета.uz» мухбири саволига жавоб берар экан.

«Ички ишлар вазирлигига жамоат тартибини таъминлаш ва қўриқлаш вазифаси топширилган. Миллий гвардия эса президентимиз ташаббуси билан ташкил этилди. Улар — ҳарбий хизматчилар, уларнинг ҳам ҳарбий унвонлари, ҳарбий формалари бор. Аҳолимиз ҳаётини яхшилаш учун президент Миллий гвардия таркибининг бир қисмини жамоатчилик тартибини сақлашга жалб этишга қарор қилди. Аслида уларнинг бошқа вазифалари мавжуд», — деди у.

«[Миллий гвардияда] асосан спортчилар, жанговар дўстларимиз хизмат қилади. Президент ҳимояси ҳам Миллий гвардиядан таркиб топган, бошқа давлат органларида ҳам улар туришади. Қайси кучлар жалб этилмасин, Ўзбекистондаги осойишталикни сақлаш — асосий вазифа», — деди ИИВ матбуот хизмати раҳбари. «Асосийси — натижа», — дея қўшимча қилди у.

Миллий гвардия, бу — махсус ҳарбий бўлинма бўлиб, унинг фаолияти жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли террорчилик хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланди.