Давлат ститистика қўмитаси аҳолининг 2018 йилдаги жами даромади умумий ҳажмини ҳисоблаб, унинг тузилмасини тақдим этди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йил январь-декабрь ойларида аҳолининг жами даромади умумий ҳажмида кичик тадбиркорликнинг улуши 62,6 фоизни ташкил этган.

Энг кўп ҳажм Жиззах вилоятига тўғри келган — 73,2 фоиз, энг ками Тошкентга — 51,7 фоиз.

Умуман олганда аҳоли жон бошига жами даромаднинг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида кузатилган — 11,3 фоиз. Жиззах вилоятида — 11,1 фоиз, Бухоро вилоятида — 9,9 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида — 9,5 фоиз, Фарғона вилоятида — 9,2 фоиз, Навоий вилоятида — 8,8 фоиз ва Самарқанд вилоятида — 8,5 фоиз.

Жами даромадлар умумий ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши умумий даромадлар таркибида 71,1 фоиз улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.

Меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг минтақалар жами даромади таркибидаги энг кўп улуши Навоий вилоятида (84,2 фоиз) кузатилган. Аксинча, Тошкентда, Хоразм, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистонда республика бўйича ўртача даражадан паст бўлган.