Asia Alliance Bank давлат банкига айлангани ва яқинда «Пойтахт банк» давлат банки очилганидан сўнг банк секторадига давлат улуши 1−2 фоизга ўсиб, 83−84 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов «Газета.uz"га маълум қилди.

У Ўзбекистон президенти парламентга мурожаатномасида давлат улушининг юқорилиги мамлакат банк секторидаги асосий муаммо эканини таъкидлаганидан сўнг кўп ўтмай Asia Alliance Bank ҳам давлат компаниясига айланганига изоҳ берди.

«Asia Alliance Bank хусусий банки акционерлари давлат олдида қарздор эди, ушбу қарзларнинг бир қисмини ўз мол-мулклари ҳисобидан тўлашга қарор қилишди, — деди Тимур Ишметов. — Asia Alliance Bank банкида ва бошқа мол-мулкларда уларнинг улуши мавжуд эди. Биз МБда улар ўз мулкларини давлат фойдасига [Давлат рақобат қўмитаси номига] қайта расмийлаштирганларидан кейин бу ҳақда билдик».

Эслатиб ўтамиз, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси давлат номидан Asia Alliance Bank (2009 йилда ташкил топган) банкининг 100 фоизлик акциялари эгасига айланган эди. Бунда банк акцияларининг 45 фоизи ўтган йил октябрида давлат томонидан сотиб олинган эди. Банк акциялар эмиссиясини ўтказди ва давлат муассасалари ҳисобланган янги акционерларни жалб қилди.