Чортоқ туманида 18 январь куни бедарак йўқолган 30 ёшли эркак киши — К.Д.нинг жасади 27 январь куни Тўрақўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтган «Шимолий Фарғона канали"дан кўрпа ва полиэтилен целофанга ўралган ҳолатда тан жароҳатлари билан топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текшириш давомида К.Д. турмуш ўртоғи Ю.Н. билан яқин қариндоши — амакисининг ўғли К.В. (1992 й. т.) билан ўзаро ишқий муносабатда бўлиб келганидан шубҳаланиб, у билан ўзаро жанжаллашиб келган. Д.К. 18 январь куни уйида маст ҳолатда турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашган.

Бундан ҳабар топган В.К. телефон орқали Д.К.ни Чортоқ тумани Оқтерак МФЙдаги уйига чақиради. Соат 21.30 ларда Д.К. яқин қариндоши бўлган амакиси К.Х.нинг уйига келиб, турмуш ўртоғи ва В.К. ўртасидаги ишқий муносабатларни муҳокама қилаётган вақтида В.К.нинг холаваччаси М.Т. орқадан келиб, темир болта билан Д.К.нинг бошига бир марта уради. Д.К. мувозанатини йўқотгандан сўнг Х.К. болтани олиб, Д.К.нинг бошига болта билан 2 марта уради. Д.К. ерга йиқилгандан сўнг эса В.К. келиб Д.К.ни бош қисмига қасддан тепади. Натижада Д.К. воқеа жойида вафот этган.

Шундан сўнг, В.К. ва М.Т. жиноят изларини яшириш мақсадида Д.К.нинг жасадини кўрпага ва полиэтилен целофанга ўраб, отасига тегишли «Ласетти» русумли автомашина юкхонасига жойлаб, Наманган шаҳар Машад МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Шимолий Фарғона канали"га ташлаб юборишади.

Қотиллик қуроли бўлмиш темир болтани эса Чортоқ тумани Гулшан МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган «Чортоқ сой» ариғи қирғоғига ташлаб юборишади.

Мазкур ҳолат юзасидан 26 январь куни туман прокуратураси томонидан В.К., Х.К. ва М.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Х.К. ва М.Т. гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, ушланган. 28 январь куни эса улар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

В.К. терговдан яшириниб Қозоғистонга мархум Д.К.нинг турмуш ўртоғи Н.Ю. билан биргаликда қочиб кетгани сабабли 28 янаврь куни унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Ҳозирда жиноят иши вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими иш юритувига олинди. Жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратура назоратига олинди.