Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида бунёд этилган ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлат раҳбари ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчиларга қўшимча қулайликлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида эҳсон оши берилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Шу куни Самарқанд вилояти жамоатчилиги Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Қарши шаҳрида ҳам Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Пойтахт ва вилоятларда биринчи президент таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.