Куни кеча Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида вилоят божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тезкор тадбир давомида фуқаро М.Д.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада, ушбу уйнинг боғ қисмида қуриган ўтлар орасига беркитиб сақланаётган қора рангли целофан пакетга ўралган ўткир ҳидли, оч яшил рангли гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда ва 1 дона қоғоз ўрамга ўраб жойлаштирилган ҳамда боғнинг охиридаги бурчакли девор тагидаги маккажўхори поялари орасига беркитилган ўткир ҳидли гиёҳвандлик моддаси — марихуана моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, олинган ашёвий далиллар 934 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.